МАКТАБДАГИ ЁШ КИТОБХОНЛАР АНИҚЛАНМОҚДА
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ижроия қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан имзоланган қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоятидаги барча умумтаълим мактабларида «Ёш китобхон» танлови ўтказилмоқда.
9-, 10- ва 11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган танловда иштирокчилар тест ва савол-жавоблар асосида ўз билимларини синовдан ўтказишмоқда. Ўқувчиларни танловга пухта тайёргарлик кўришлари учун фойдаланиладиган адабиётлар рўйхати олдиндан берилган бўлиб, мактаб кутубхонасига қўшимча равишда туман-шаҳарлардаги марказий кутубхоналар томонидан кўчма кутубхоналар ҳам ташкил этилди.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси Лазокат Турикова Олтиариқ, Риштон ва Бағдод туманларидаги умумтаълим мактабларида ўтказилган танловда иштирок этиб, жараёнларни кузатиб борди.
– Китоб — инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаидир. Шунинг учун ҳам байрам арафасида ўқувчилар ўртасида китобхонликни янада тарғиб этиш, китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида мазкур танловни ўтказмоқдамиз. Танловда барча юқори синф ўқувчилари фаол қатнашаётгани ёшлар китобхонликка бефарқ эмаслигидан далолат бермоқда, – дейди Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Лолахон Аҳмедова.
Танловда фаол иштирок этган ўқувчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланмоқда.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: