Лобарант ҳақ бўлиб чиқди
Дилнозахон Қоратоева 2013 йилдан буён Фарғона вилоят Қон қуйиш марказида турли вазифаларда ишлаб келган. 2021 йил апрель ойидан марказнинг 119-сонли буйруғига асосан имунология бўлими лобаранти вазифасига ўтказилган. Унгача Д.Қоратоевага ишлаган вазифалари зарарли бўлганлиги сабабли Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан 15 фоиз қўшимча тўловлар тўлаб келинган. Бироқ Д.Қоратоева 2021 йил апрель ойида имунология бўлимига лобарант вазифасига ўтказилгандан сўнг қўшимча тўловлар тўлаш тўхтаб қолади.
Д.Қоратоева иш ҳақига қўшимча тўловлар тўланмаётганини билгач, бу бўйича раҳбарга бир неча маротаба мурожаат қилади. Бироқ раҳбар имунология бўлими лобаранти вазифасида ишловчи ходимларга қўшимча тўловлар тўлаб берилиши кўрсатилмаганлигини важ қилади.
Д.Қоратоева раҳбар билан қўшимча тўловлар тўланиши бўйича қанча гаплашмасин, барибир иш ҳақига қўшимча тўловлар тўланмайди.
Бу ҳолатдан норози бўлган Д.Қоратоева ҳуқуқий кўмак сўраб Ўзбекистон касаба уюшмалари Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилади. Мазкур мурожаат Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан ўрганиб чиқилади.
Ўрганишлар давомида Фарғона вилоят Қон қуйиш маркази имунология бўлими лобаранти Д.Қоратоевага қонун доирасида тўланиши керак бўлган қўшимча тўловлар ҳақиқатдан ҳам марказ томонидан тўланмай келинаётганлиги маълум бўлди.
Яъни, Вазирлар Маҳкамасининг 10.09.2016 йилдаги 292-сонли “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ташкилотлари тузилмасини янада оптималлаштириш ва соғлиқни сақлаш тизими тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори 6-иловаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 21.12.2005 йилдаги “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори 2-иловаси 6.3 бандида лаборатория врачи ва ўрта тиббий ходимларга лавозим маошини 40 фоизи миқдорида қўшимча тўлов тўланиши лозимлиги белгиланган.
Юқорида келтирилган қарорлар имунология бўлими лобаранти Д.Қоратоевага қўшимча тўловлар тўланишига асос бўлиши Фарғона вилоят Қон қуйиш маркази масъулларига тушунтирилсада, марказ масъуллари буни инкор этади.
Алалоқибат иш судгача боради. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, Фарғона вилоят Қон қуйиш марказидан имунология бўлими лобаранти Д.Қоратоевага 05.04.2021 йилдан 2022 йил июль ойигача тўланмасдан қолган жами 10 млн. 384 минг сўм қўшимча тўловларни тўлаб бериш бўйича қарор чиқарилиб, бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Зафаржон Қурбонов,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: