КАСАБА УЮШМАЛАРИНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ ҲАМДА ВАЗИФАЛАРИ ҚАНДАЙ?
Касаба уюшмаси – фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бўйича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоат бирлашмасидир.
Касаба уюшмаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуни, «Жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида»ги қонунлари, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Устави ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар асосида юритади.
2019 йил 6 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, Қонуннинг мақсади фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, шунингдек, касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Касаба уюшмаларининг бирлашмаси – ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш ҳамда ҳимоя қилишда ҳаракатларнинг мувофиқлаштирилишига ва бирлигига эришиш мақсадида тармоққа доир, ҳудудий ёки касбий ўзига хосликни ҳисобга олувчи бошқа белги бўйича тузиладиган ихтиёрий бирлашмадир.
Меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар, шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таълим олаётган, ўн беш ёшга тўлган шахслар ҳеч қандай тафовутсиз ўз танловига кўра ва олдиндан рухсат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш ҳуқуқига, шунингдек, касаба уюшмаларига уларнинг уставларига риоя этиш шарти билан аъзо бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Қонунийлик, ихтиёрийлик, камситишга йўл қўймаслик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик ва ошкоралик, очиқлик Касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари сирасига киради.
Бундан ташқари, Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари аҳоли бандлигини таъминлаш, ишдан озод этилаётган ходимларни ҳимоя қилиш масалаларини, шунингдек, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришини ва эркин ривожланишини таъминловчи шарт-шароитлар яратишга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантиришда, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда, турмуш даражасининг асосий мезонларини ва тирикчилик учун зарур бўлган нарсаларнинг энг кам миқдорини белгилашда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
КАСАБА УЮШМАЛАРИНИНГ ҚУЙИДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ БОР…
Аҳоли бандлигини таъминлаш, ишдан озод этилаётган ходимларни ҳимоя қилиш масалаларини, шунингдек, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш;
– ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси, шунингдек суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиш;
– ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
– давлат бандлик дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади, бандликни таъминлаш, шу жумладан янги иш ўринларини ташкил қилиш ва мавжудларини сақлаб қолиш, ташкилотларнинг фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг оммавий равишда ишдан озод этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар таклиф этиш;
– давлат органларидан, уларнинг мансабдор шахсларидан, иш берувчилардан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари масалалари юзасидан бепул ахборот олиш;
– ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини текширишда иштирок этиш;
– ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган ҳолларда ишларни тўхтатиб туриш тўғрисида, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш талабларининг бузилишларини бартараф этиш ҳақида иш берувчига таклифлар киритиш;
– меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолатини ўрганади, иш берувчиларнинг жамоа шартномалари ва келишувларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилишга доир мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилиш;
– давлат органларига, уларнинг мансабдор шахсларига, иш берувчиларга, уларнинг бирлашмаларига (иттифоқларига, уюшмаларига) аризалар, шикоятлар ва таклифлар билан мурожаат қилади, уларга сўровлар юборади.
Бир сўз билан айтганда, фаровон ҳаётимизни таъминлаш ва ҳақ-ҳуқуқларимизни таъминлашда касаба уюшмасининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Аброр Отабоев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши бўлим мудири.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: