ИШЧИ-ХОДИМЛАР МАНФААТИ – УСТУВОР
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши томонидан ишчи-ходимлар ўртасида мунтазам равишда аноним сўровнома ўтказиб келинади.
Унда ишчи-ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бўйича саволлар йўлланади. Навбатдаги сўровномада вилоятдаги корхона, ташкилотларда ишлаётган 323 нафар ходимлар иштирок этди. Улар корхона ва ташкилотларда иш хақи, устамалар, рағбатлантириш ва бошқа мукофот пулларини ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб борилиши бўйича берилган саволларга муносабат билдиришган.
Сўровномада умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт бирлашмалари, мудофаа соҳаси, маҳаллий давлат ҳокимлик органлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа ташкилотлардаги ходимлар иштирок этдилар.
“Иш хақингиз янги ойнинг қайси санасига қадар тўланади?” деган саволга иштирокчиларнинг 50 фоизи ҳар ойнинг 5 санасигача, 45 фоизи ҳар ойнинг 10 санасигача ҳамда 5 фоизи ҳар ойнинг 15 санасига қадар олишини билдирган.
“Иш хақингизни қанча муддатдан буён олмаяпсиз?” деган саволга иштирокчиларнинг 99 фоизи ўз вақтида олаётганлигини, 0,4 фоизи 2 ойдан буён ҳамда 0,6 фоизи 3 ойдан кўп муддатдан буён олмаётганлигини;
“Ташкилотингизда устама ва бошқа шунга ўхшаш тўловларни тўлашда адолатсизликка йўл қўйилмоқдами?” деган саволга иштирокчиларнинг 69 фоизи йўқ, 18 фоизи баъзан ҳамда 13 фоизи йўл қўйилаётганлиги;
“Ойлик иш ҳақингиздан ноқонуний тўловларга ушлаб қолиш холатлари мавжудми?” деган саволга иштирокчиларнинг 79 фоизи йўқ, 12 фоизи баъзан ҳамда 9 фоизи ушлаб қолинаётганлигини;
“Ташкилотингизда иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилиш ҳолатлари борми?” деган саволга иштирокчиларнинг 82 фоизи йўқ, 10 фоизи баъзан ҳамда 8 фоизи жалб қилинаётганлигини;
“Ишга кираётганингизда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича кириш йўриғидан ўтганмисиз?” деган саволга иштирокчиларнинг 70 фоизи ҳа, 18 фоизи хабари йўқлигини ҳамда 12 фоизи йўриқдан ўтмаганлигини;
“Иш жойингизда яратилган меҳнат шароитлари сизни қаноатлантирадими?” деган саволга иштирокчиларнинг 73 фоизи ҳа, 5 фоизи билмаслигини ҳамда 22 фоизи меҳнат шароитлари қониқтирмаслигини;
“Даврий тиббий кўрикдан ўтишингиз муносабати билан чиқимдор бўлганмисиз?” деган саволга иштирокчиларнинг 41 фоизи йўқ, 5 фоизи билмаслигини ҳамда 54 фоизи тиббий кўрикда чиқимдор бўлганлигини билдирган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши сўровномага бефарқ бўлмай, фаол иштирок этган барча юртдошларимизга, ишчи-ходимларга ўз миннатдорчилигини билдиради.
Ўз навбатида, сўровномада аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар асосида тизимли ишлар олиб борилади.
Аброр Отабоев,
Шоҳсултон Тўхтаматовлар тайёрлади.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: