Ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш жараёнида аёллар учун алоҳида имтиёзлар назарда тутилган. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш, шунингдек, ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилганда дастлабки синов белгилаш қонунчилик билан тақиқланади. Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно. Шунда ҳам меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.
Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда иш берувчи ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.
Аёллар меҳнатидан фойдаланишга айрим соҳа ва иш турларида йўл қўйилмайди. Меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек, ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўллаш тақиқланади. Аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади. Аёллар меҳнатини қўллаш тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай ишларнинг рўйхати ҳамда улар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган юк нормаларининг чегарасини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ва иш берувчиларнинг вакиллари маслаҳатини олган ҳолда тасдиқлайди.
Шунингдек, қонунчилигимиз аёлларни ҳомиладорлик пайтида енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказишни назарда тутади. Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг иши енгиллаштирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ишга ўтказилади. Яъни енгилроқ ишга ўтказилиши муносабати билан уларнинг аввалги иш ҳақи камайтирилмайди, балки сақланиб қолади. Бу вазиятда ҳомиладор аёл яна бир имтиёзга эга, яъни, енгилроқ иш бериш масаласи ҳал этилгунга қадар у ишдан озод этилган бўлса, ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланади. Худди шу имтиёздан икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда фойдаланиши мумкин.
Аёлларга таътиллар қуйидаги тартибда берилади.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари. Аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун, жами 126 календарь кундан иборат ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади. Бунда агар туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда туққандан кейин етмиш календарь кун, жами бўлиб 140 календарь кундан иборат ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилади.
Бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланади. Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади. Болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки уни қисмларга бўлиб фойдаланишлари мумкин. Аёл ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам хоҳишларига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлашлари мумкин. Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига кўпи билан уч йил, шу жумладан, мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.
Йиллик таътиллар.Бу барча ходимларга ҳар йили бериладиган йиллик таътил ҳисобланиб, ҳомиладор аёллар, бола туққан аёллар ҳар йили бериладиган йиллик таътилни олиш вақтини эркин танлаш, яъни, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ёхуд болани парваришлаш таътилидан кейин олиш ҳуқуқига эга. Ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ва ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз онага (бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра ёз вақтида ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади. Ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.Ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ундан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб) фойдаланилиши мумкин.
Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади. Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади. Боласи бор аёлнинг хоҳишига кўра, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг (иш сменасининг) бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни (иш сменаси) шунга яраша қисқартирилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида” ги Низомда мустаҳкамлаб қўйилганидек талаба қизларга ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда академик таътил берилади.
Юқоридагилардан ташқари ҳар бир муассаса, ташкилот ёки корхоналарнинг ўзида ҳам аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда қўшимча имтиёзлар белгиланиши мумкин.
Аёллар учун юкларни ташиш ва бошқа жойга кўчиришнинг оғирлик чегараси меъёрлари | ||
Ташиш усули | Оғирлик чегараси, кг | Кўтарилиш чегараси(йўл бошидан йўл охиригача бўлган масофаги кўтарилиш) ва ташиш шарти |
Қўлда(1 киши учун) | 9 | Текис юзада |
Замбилда (2 киши учун) | 22 | Текис юзада |
Бир ғилдиракли аравада | 22 | 0,02 дан кўп бўлмаган |
Икки ғилдиракли қўл аравасида | 60 | 0,02 дан кўп бўлмаган текис юзада
0,01 дан кўп бўлмаган нотекис юзада |
Уч ва тўрт ғилдиракли аравада | 50 | 0,01 дан кўп бўлмаган нотекис юзада |
Кичик вагонгчада | 300 | 0,01 дан кўп бўлмаган, ҳаракатланиш фақатгина рельсларда рухсат этилади |
18 ёшдан кичик бўлган аёллар учун | ||
Қўлда | 7 | 0,01 дан кўп бўлмаган |
Бир ғилдиракли аравада | Йўл қўйилмайди | — |
Икки ғилдиракли аравада | Йўл қўйилмайди | — |
Уч ва тўрт ғилдиракли аравада | 52 | 0,02 дан кўп бўлмаган, ҳаракатланиш фақатгина текис юзада рухсат этилади |
Кичик вагончада | 224 | 0,01 дан кўп бўлмаган, ҳаракатланиш фақатгина рельсларда рухсат этилади |
Изоҳ: кўрсатилган оғирлик чегаралари меъёрлари ўз ичига юклар билан бирга уларни ташиш учун мўлжалланган воситаларни ҳам ҳисобга олади. |
Аёллар учун юкларни қўлда кўтариш ва бошқа жойга кўчиришда йўл қўйиладиган меъёрлар | |||
т/р | Юкларни кўтариш ва бошқа жойга кўчириш характери | Юкнинг йўл қўйиладиган оғирлиги, кг | |
Аёллар учун | Ҳомиладор аёллар учун | ||
1. | Юкларни кўтариш ва бошқа жойга кўчиришни бошқа ишлар орасида амалга ошириш | 9 | 2,5 |
2. | Юкларни кўтариш ва бошқа жойга кўчиришни доимий равишда бутун иш сменаси давомида амалга ошириш | 6 | 1,25 |
3. | Кўчириб ўтказилаётган юкларнинг бир соат вақт ичидаги умумий вазни қуйида кўрсатилганидан ошиб кетиши керак эмас: | ||
-иш жойидаги юзадан | 300 | 60 | |
-полдан | 150 | йўл қўйилмайди | |
4. | Кўчириб ўтказилаётган юкларнинг бир иш сменаси ичидаги умумий вазни қуйида кўрсатилганидан ошиб кетиши керак эмас: | ||
-иш жойидаги юзадан | 2500 | 480 | |
-полдан | 1250 | йўл қўйилмайди | |
Изоҳ: 1.Кўтарилаётган ва кўчириб ўтказилаётган юкларнинг вазнига қараб ва ўрамларнинг вазни ҳам қўшиб ҳисобга олинади. 2.Иш жойи юзасининг даражаси стол даражаси ҳисобланади. |
Диловар Рашидов,
Тошкент Давлат транспорт университети
Корпоратив кафедраси ўқитувчиси
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: