БУТУН ДУНЁ АҲОЛИСИГА ДАХЛДОР НУТҚ
Барчамиз жорий йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясини катта қизиқиш билан кузатиб бордик. Унда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлат тилида янграган нутқ диёримизнинг энг ўткир масалаларини ўз ичига олган бўлиб, дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратди. Юртбошимизнинг нутқи, унда илгари сурилган ўта долзарб таклиф ва ташаббуслар нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун дунё аҳолисига дахлдор эканлиги билан аҳамиятлидир. Давлатимиз раҳбари, энг аввало, ҳамжиҳатлик ва мамлакатларни жипслаштириш зарурлигига алоҳида урғу бердилар.
Президентимиз сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурдилар.
– Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил бормоқда, – деди Президентимиз.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда янгиланган Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланди. Ушбу ҳуқуқий асосда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030″ тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир.
– Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Мазкур ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказишни таклиф этаман, – деди давлатимиз раҳбари юксак минбардан туриб.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бу йил мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадлари халқаро рейтингида 2022 йилга нисбатан 8 поғонага кўтарилди. Яъни Ўзбекистон 71,1 индекс билан 166 та мамлакат орасида 69 ўринни эгаллади.
Бунинг асосий сабаби, Ўзбекистонда Барқарор ривожланишнинг 10 та мақсади бўйича кўрсаткичларида ижобий ўсиш қайд этилганидир. Улар мамлакатда камбағалликни қисқартириш, соғлиқни сақлаш ва фаровонликни таъминлаш, сифатли таълим, гендер тенглигига эришиш, шаҳар ва аҳоли пунктларини барқарор ривожлантириш каби йўналишлардир.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда кейинги олти йил ичида амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, фаровонлигини таъминлаш, ҳар бир инсонга, кексалар, хотин-қизлар, ёшлар, ногиронлиги бор шахслар – барча-барчасига муносиб турмуш шароитларини яратишдир.
Президентимизнинг мазкур нутқида таъкидланган барча натижалар ва режалар дунё эътиборини тортгани, шубҳасиз. Жумладан, мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайгани, 2030 йилгача уни 7 фоизга тушириш режа қилинаётганининг ўзи бу йўналишда олиб борилган ишларнинг кўлами қанчалик кенг эканлигини кўрсатади. Жумладан, қисқа муддат ичида аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш борасида амалий механизмларнинг ишлаб чиқилгани ўз самарасини берди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш, аҳолининг мурожаатларини ўрганиш ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш борасидаги янгича ёндашувлар халқнинг, айниқса, ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларнинг елкасидаги оғир юкни олди, десак, муболаға бўлмайди.
Нутқда эътиборимни энг кўп тортган жиҳат ҳам айнан камбағалликка барҳам бериш, халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг энг самарали омили ҳамма учун очиқ ва сифатли таълим эканлиги таъкидлангани бўлди. Бу борада ҳам Ўзбекистоннинг аниқ режалари борлиги айтилиб, 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилиши айтилди.
Дарҳақиқат, тарих ҳам, бугунги ҳаёт ҳам исботламоқдаки, илм тараққиётнинг асосидир. Ҳа, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқида кўтарилган масалалар барчамизнинг келгуси режаларимизни амалга оширишда муҳим дастуриламалдир. Унда белгиланган устувор вазифалар ижросида фаол иштирок этиш эса биз учун катта шараф ва масъулиятдир.
Аброр Отабоев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши бўлим мудири.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: